Ўзбекистон республика валюта биржаси

"Ўзбекистон республика валюта биржаси" АЖ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 22 ноябрдаги 297-сонли “Ўзбекистон Республикасида чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотишни ташкил этиш ҳамда эркин алмаштириладиган валюта билан савдо қилишни кенгайтириш чоралари ҳақида" ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 29 февралдаги 66-ф-сонли фармойишига мувофиқ, республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, ички ва ташқи валюта бозори конъюнктураси ўзгаришига тезкор жавоб қайтариш мақсадида 1992 йил 12 майда ташкил этилган.

Биржа чет эл валютани, давлат қимматли қоғозларини, молиявий инструментларни (деривативларни) сотиб олиш ва сотиш ва улар билан боғлиқ бошқа биржа операциялари бўйича биржа савдолари, шунингдек банклараро пул бозори ҳамда Марказий банкнинг тижорат банклари билан кредит ва депозит аукционлари ташкилотчиси - республикадаги ягона кўп функцияли биржа майдончаси ҳисобланади.

Ўзбекистондаги узоқ йиллар давомида фаолият юритиб келаётган уюшган валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича банклараро савдо сессиялари, Марказий банкнинг валютавий своп аукционлари ва дилерлар ўртасида своп операциялари ўтказилади.

Пул бозори тижорат банкларининг қисқа муддатли пул маблағларини жалб қилиш ва жойлаштириш бўйича банклараро пул бозори, шунингдек Марказий банкнинг депозит аукционларидан ташкил топган.

Давлат қимматли қоғозлари бозорида Ўзбекистон Республикасининг ғазначилик мажбуриятлари ва облигацияларини, шунингдек Марказий банкининг облигацияларини муомалага чиқариш ва жойлаштириш амалга оширилади. Мазкур бозорда шунингдек тўғридан-тўғри РЕПО аукционлари ҳамда дилерлар ўртасидаги РЕПО операциялар ўтказилади.